Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Аёлнинг ҳис-туйғуларида даромад орттириш ниятида бўлган эркак тадбир давомида қўлга олинди

Самарқанд вилояти. 2023 йил 15 июнь куни 32 ёшли И.М. (аёл) вилоят ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, унда жорий йилнинг январь ойларида “Абдулазиз” исмли йигит билан танишиб, у билан яқин муносабатларга киришиб, гаплашиб юрганлигини, шу орада “Абдулазиз” унинг ишончига кириб, уни уй сотиб олиш ниятида пул йиғиб қўйганлигидан хабардор бўлганлигини, шунда унинг ишончига кириб унга субсидия асосида уй олиб беришликни ваъда қилиб, 2023 йилнинг март ойида 7.000.000 сўм миқдоридаги пулларни, сўнгра эса ҳайдовчилик гувоҳномасига тўлов қилиб, олиб беришликни ваъда қилиб, 950.000 сўм миқдоридаги пулларни олганлиги маълум қилган.

Бундан ташқари, “Абдулазиз” унга унинг обрўсига путур еткизадиган видеотасвирларини Интернет тармоғи орқали тарқатиб юборишликни билдириб, ушбу ишни қилмаслик эвазига 5.000.000 сўм миқдоридаги пулларни беришликни талаб қилиб келаётганлигини маълум қилиб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур ариза асосида вилоят ИИБ ТҚХ ЖҚБ ходимлари томонидан Самарқанд шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида “Абдулазиз” исмли йигит аризачидан унинг шахсий видеотасвирларини Интернет тармоғига тарқатмаслик эвазига талаб қилиб келган 5.000.000 сўм миқдоридаги пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. “Абдулазиз” исмли йигитнинг шахсига аниқлик киритилганда у муқаддам судланган 39 ёшли Н.А. эканлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Н.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) ва 168-моддаси 3-қисми “б” банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, ушбу моддалар билан унга айблов эълон қилиниб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда, ушбу шахснинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.

Тергов давом этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Text to speech