Тақиқда турган автомашина қалбаки ҳужжат асосида сотилганлиги аниқланди
Қашқадарё вилоятидаги банкларнинг бирида, айланма маблағни кенгайтириш ҳамда қурилиш материаллари сотиб олиш мақсадида Қарши туманида жойлашган МЧЖга 150.000.000 сўм миқдорида кредит берилган, бироқ МЧЖ раҳбари 48 ёшли Д.И. (аёл) гаров сифатида қўйилган “Captiva” русумли автомашинани кредит қарздорлиги тўланмасдан туриб, 2020 йилнинг август ойи бошларида қарздорлик ҳақидаги алоқа хатининг ўрта қисмини механик ҳаракат таъсирида ўчириб, қалбаки ҳужжатларни нотариусга тақдим қилиб, автомашинани тақиқдан чиқаришга эришиб, банк томонидан банд солинган мулкни қонунга хилоф равишда сотиб юбориб, сотувдан тушган пулларни қўлга киритган.
Судга оид техник экспертиза хулосасига кўра, банк томонидан берилган алоқа хатининг ўрта қисми механик ҳаракат таъсири оқибатида ўчирилганлиги ҳамда юқори ва пастки қатордаги матнлар бир принтерда бажарилмаганлиги кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳри бўйича ИИО ФМБ 3-сонли ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми “б” банди (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш), 228-моддаси 3-қисми (қалбаки ҳужжатдан фойдаланиш), 233-моддаси 1-қисми (Банд солинган мулкни қонунга хилоф равишда тасарруф этиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти