Бегона машинада сайр қилмоқчи бўлган шоввоз ўз ниятинини амалга ошира олмади
Сирдарё вилояти. Жорий йилнинг 9 май куни соат 02-10ларда Сирдарё тумани Ихлос кўчасида яшовчи 30 ёши Т.Ш. ички ишлар органларининг “102” қисқа рақамига мурожаат қилиб, унда шу куни Тошкент шаҳридан “NEXIA-1” русумли автомашинани сотиб олиб, соат 01-30ларда Сирдарё тумани Пахтакор МФЙда жойлашган “Selmag” номли савдо дўконининг ёнига келиб, ушбу дўконга автомашина эшикларини қулфланмасдан ва калитини ўт олдириш жойида қолдириб, 1-2 дақиқага кириб кетган ватиида номаълум шахс унинг автомашинасини олиб қочиб кетганлигини маълум қилган.
Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлар натижасида, олиб қочилган автомашина Сирдарё тумани Ширин МФЙ ҳудудида жойлашган автомашиналарга газ қўйиш шохобчасидан аниқланиб, сўнгра ички ишлар ходимлари томонидан қонунбузарнинг шахсига ойдинлик киритилганда, ушбу шахс Сирдарё вилоятида ёлланма ишчи бўлиб ишловчи жиззахлик 20 ёшли Т.У. эканлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Сирдарё тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Т.У.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қоидабузар процессуал тартибда ушланган.
Тергов жараёнида қонунбузардан нима сабабдан ушбу жиноятни содир этканлиги сўралганда, шу куни маст ҳолатда юқорида кўрсатилган дўкон олдига келиб, дўкон олдида эшикларини қулфланмасдан ва калитини ўт олдириш жойида қолдириб кетилган автомашинани кўриб қолиб ушбу автомашинада дам олиш кунлари Жиззах вилоятга бориб келиш учун олиб қочиб кетканлиги маълум қилган.
Ҳозирда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ҳурматли фуқаролар !
Моддий бойликларингизга бефарқ бўлманг, автомашинангизни қулфланганлигига ишонч ҳосил қилинг ва калитни ўт олдириш жойида қолдирманг. Акс ҳолда арзимаган эътиборсизлик ҳам юқоридаги каби салбий ҳолатлар рўй беришига сабабчи бўлиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти