Бетон тўсиқ ва маст ҳолдаги “COBALT” ҳайдовчиси
Қашқадарё вилояти. 2022 йил 01 январь куни соат 02:00 ларда Қарши шаҳар “102” рақамига Косон тумани Пўлати шаҳарчасида яшовчи 34 ёшли Б.И. қўнғироқ қилиб, унга тегишли бўлган “COBALT” русумли автомашинасини Қарши шаҳрида жойлашган “Narmen” тунги клуби ёнидаги бильярд ўйнаш жойига келиб, автомашинасини Б.Шерқулов кўчаси четида қолдириб ичкарига кириб кетганлигидан сўнг номаълум шахс автомашинасини олиб қочганлиги тўғрисида хабар бериб, автомашинани топишда ҳамда транспорт воситасини олиб қочган шахсга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари натижасида, ушбу транспорт воситаси Қарши шаҳар Зарин кўчасида яшовчи 49 ёшли Б.Д. томонидан олиб кетилганлиги, Б.Д. автомашинани маст ҳолатда бошқариб Қарши шаҳар И.Каримов кўчасидаги бетон тўсиққа урилиб, йўл транспорт ҳодисасини содир этганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Б.Д.,га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибида ушланган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти