"Бир ҳафтада 3 янги “Gentra”ни салондан чиқараман"
Жиззах вилояти. Фориш тумани Анҳор кўчасида истиқомат қилувчи 37 ёшли Т.З. Жиззах шаҳар ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, 2022 йилнинг 22 ноябрь куни Наманган шаҳрида яшовчи 39 ёшли Н.У. унинг ишончига кириб, унга ўзини Тошкент ва Наманган шаҳарларидаги автосалонларда танишлари борлигини, улар орқали 1 ҳафта муддат ичида автосалондан 3 дона янги “Gentra” русумли автомашина олиб беришини ваъда қилиб, бунинг учун ундан олдиндан 40.000 АҚШ доллари миқдорида пул кераклигини айтиб, сўнгра алдов йўли билан ушбу пулларини ундан олиб, берган ваъдасини бажармай ва пулларини ҳам қайтариб бермасдан юрганлигини маълум қилиб, унга нисбатан қонуний чора кўришликни сўраган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиззах шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар, мулкларингиз ва пулларингизни нотаниш ҳамда Сизга ҳалол инсон сифатида таниш бўлмаган шахсларга ўз хоҳишингиз билан берманг. Фирибгарлар тўрига тушмаслик ўз қўлингизда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти