Бир жиноят оқибатида иккинчи жиноят ҳам юзага чиқди
Самарқанд вилояти. 2023 йил 16 май куни Ургут туманида яшовчи 21 ёшли А.А. ариза билан мурожаат қилиб, шу куни соат 03:00 ларда икки нафар номаълум шахслар, унга тегишли бўлган Ургут тумани “Дўстлик” маҳалласида жойлашган озиқ-овқат савдо дўконининг олдига “ВАЗ 2106” русумли автомашинада келиб, дўконинг кириш эшигини қулфини синдириш йўли билан савдо дўконига кириб, дўкон кассасидан 3.500.000 сўм пулларини ҳамда жами баҳоси 3.320.000 сўмлик озиқ овқат маҳсулотларини яширин равишда ўғирлаб, автомашинага ортиб, воқеа жойидан яширинганликларини маълум қилиб, ушбу номаълум шахсларни аниқлаб, уларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Олиб борилган тергов-тезкор ишлар натижасида, мазкур жиноятни Ургут тумани “Камардон” маҳалласида яшовчи 19 ёшли К.Ж. ва Б.Н.лар содир этганликлари аниқланиб, улардан турли хилдаги озиқ-овқат маҳсулотлари тегишли тартибда ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олиниб, бошқарувида бўлган “ВАЗ 2106” русумли автомашина кўздан кечирилганда автомашинадан 1 дона металл кесувчи қайчи аниқланиб, ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган, автомашина эса жарима майдончасига жойлаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ургут тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан К.Ж. ва Б.Н.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 169-моддаси 2-қисми “в,г” бандлари (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчилар процессуал тартибда ушланган.
Жиноят иши доирасида юқорида кўрсатилган “ВАЗ 2106” русумли автомашина кимга тегишли эканлиги ўрганилганда, мазкур автомашина Ургут тумани Камардон маҳалласида яшовчи 54 ёшли Ж.Ф.га тегишли эканлиги ва гумон қилинувчилар ушбу автомашинани шу куни соат 02:30 ларда фуқаро Ж.Ф.нинг яшаш уйи олдидан олиб қочиб, юқорида кўрсатилган ўғирлик жиноятини содир этганликлари аниқланган.
Ҳозирда, гумон қилинувчиларга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, жиноят иши доирасида уларнинг хати-ҳаракатлари транспорт воситасини олиб қочиш жиноятини ҳам қамраб олувчи моддалар билан малакаланган.
Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти