Битта ер майдонини уч нафар шахсга сотиб даромад орттирмоқчи бўлган фирибгар ушланди
Жиззах вилояти. 2020 йил ноябрь ойида Шароф Рашидов тумани Ўзбекистон кўчасида яшовчи 39 ёшли З.З. ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш мақсадида, ўзига тегишли бўлган хонадоннинг 6 сотих ер майдонини таниши Шароф Рашидов тумани Янгиҳаёт кўчасида яшовчи 31 ёшли Д.Д.га 86 млн. сўмга сотишини айтиб, ишончига кириб, Д.Д.дан жами 86 млн. сўм миқдоридаги пулларини қўлга киритиб, ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.
Бундан ташқари, З.З. ўзининг жиноий ҳаракатларини такроран давом эттириб, 2021 йил май ойида хонадонининг айнан шу 6 сотих ер майдонини Шароф Рашидов тумани Нодирабегим кўчасида яшовчи 33 ёшли А.Б.га 75 млн. сўмга сотишни ваъда қилиб, ишончига кириб, А.Б.дан келишилган пулдан 24 млн. сўмини қўлга киритиб, ер майдонини ҳужжатлаштириб бермасдан, кейинчалик ушбу ер майдонини Шароф Рашидов кўчасида яшовчи 40 ёшли С.Э.га 75 млн. сўмга сотиб, С.Э.нинг номига ҳужжатлаштириб берганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Шароф Рашидов тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан З.З.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 168-моддаси 3-қисми “а,б” бандлари (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар! Бировга ишонч билдиришдан олдин чуқур ўйлаб кўринг. Фирибгарлик қурбонига айланиб қолишдан огоҳ бўлинг!
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти