Босқинчиликка қўл урган шахсни яна бошқа жиноятга алоқадорлиги аниқланган
Тошкент шаҳар. 2022 йил 21 февраль куни Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ бошлиғи номига 24 ёшли О.Б. ариза билан мурожаат қилиб, унда шу куни унинг таниши 27 ёшли С.Ф. Янгиҳаёт тумани Дўстлик-2 даҳасида жойлашган “Туризм ва бизнес” касб ҳунар коллежининг олдида бўла туриб, қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган пичоққа ўхшаш ашё билан, унинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб, унга тегишли бўлган “SAMSUNG GALAXY A32” русумли телефон аппаратини босқинчилик йўли билан эгаллаб олиб, ҳодиса содир бўлган жойдан яширинганлигини маълум қилган.
Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари натижасида, С.Ф. ушланиб, ундан телефон аппарати тақдири сўралганда, у аппаратни Чилонзор туманида жойлашган “Фарход” бозорига бориб, ўзига нотаниш бўлган шахсга босқинчилик йўли билан эгаллаган телефон аппаратини ўзиники сифатида 1.300.000 сўм эвазига сотиб юборганлигини маълум қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан С.Ф.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми “а” банди (босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, у процессуал тартибда ушланган.
Бундан ташқари, тергов ҳаракатлари давомида, ушбу шахс яна бошқа жиноятга алоқадорлиги аниқланган, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти