Дастлаб калитни сўнгра автомашинани ўзини
Қорақалпоғистон Республикаси. 2023 йил 8 апрель куни соат 00:15 ларда, номаълум шахс Тўрткўл тумани Қозоғистон кўчасида яшовчи 36 ёшли Р.А.га тегишли мовий рангли «Cobalt» русумли автомашинасини уйининг олдида турган жойида, ушбу автомашинанинг калити билан эшикларини очиб, олиб қочиб, ушбу автомашинани Тўрткўл тумани Шархтор кўчасида қолдириб, ҳодиса жойидан яширинган.
Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида, ушбу жиноятни 15 ёшли вояга етмаган И.А. ва К.Б.лар бир гуруҳ бўлиб олдиндан жиноий тил бириктириб, содир қилишганлиги аниқланиб, қонунбузарлар ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тўрткўл тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси 2-қисми “б” банди (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят иши доирасида, гумонланувчилар сўроқ қилиниб, улардан нима сабабдан ушбу жиноятга қўл урганликлари сўралганда, вояга етмаганлар 6 апрель куни жабрланувчининг уйининг ёнидан ўтиб кетаётган вақтларида мазкур автомашина қаровсиз, эшиклари очиқ ҳамда калити узида бўлганлигидан фойдаланиб, автомашинанинг калитини ўғирлаб ҳодиса жойидан яширинганликларини, икки кун ўтиб, автомашина жойида турганлигидан фойдаланиб уни аввал ўғирлаб кетган калити ёрдамида очиб, шунчаки автомашинани бошқариш учун олиб қочишганликларини маълум қилишган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар моддий бойликларингизга бефарқ бўлманг, автомашинани қулфланганлигига ишонч ҳосил қилинг ва калитни ўт олдириш жойида қолдирманг. Огоҳлик – давр талаби.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти