“Disko-bar”даги безорилик
Сурхондарё вилояти. 2022 йил 6 февраль куни соат 20:30 ларда Қумқўрғон тумани “Навбаҳор” маҳалласида яшовчи 36 ёшли Ч.М. Қумқўрғон туманида жойлашган “Disko-bar” ресторанида бўла туриб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, ресторанга овқатланиш учун келган Жарқўрғон туманида яшовчи 30 ёшли Р.Т. билан ўзаро жанжаллашиб, жанжал вақтида Р.Т.,нинг юз, бош, кўкрак соҳаларига ҳамда танасининг турли жойларига қўллари билан уриб, оёқлари билан тепиб, тан жароҳати етказганлиги аниқланган.
Суд тиббий экспертиза хулосасига кўра Р.Т. ҳодиса содир бўлган куни “оғир” турдаги тан жароҳатлари олганлиги кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қумқўрғон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан Ч.М., га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “е” банди (безорилик оқибатида қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, бу турдаги жиноятлар учун Жиноят кодексининг нормаларига кўра, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти