Электр энергия тармоғидан қарздорликни 500 минг сўм эвазига ҳал қилиб беришни ваъда қилган шахслар эндиликда қонун олдида жавоб беришади
Наманган вилояти. 2023 йил 27 март куни Наманган шаҳар Давлатобод туманида 43 ёшли К.Я. туман ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, унда жорий йилинг 24 март куни таниши, 42 ёшли Ш.З. билан бўлган вақтида Ш.З.нинг телефон рақамига нотаниш шахс телефон қилиб, ўзини Наманган шаҳар электр тармоқлари корхонасида ишловчи “Асадбек” сифатида таништириб, унга электр энергиясидан 1.400.000 сўм қарзи борлигини, ушбу қарздорлик миқдорини “Ахрор” исмли ҳамкасби билан биргаликда 500.000 сўм эвазига ҳал қилиб беришини айтиб, ушбу пулларни Ш.З.дан талаб қилиб келаётганлигини маълум қилиб, уларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Мазкур аризага асосан шу куни Наманган вилояти ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, аризада қайд этилган “Асадбек” исмли шахс аризачидан Наманган шаҳарда жойлашган “Сардоба” савдо мажмуасининг автомашиналар тураргоҳида 500.000 сўм пулларни олган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ушланган.
Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида “Ахрор” исмли шахс “Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ Истиқбол ЭТК Кабель бўлаги электро-монтёри лавозимида ишловчи 32 ёшли Д.А. эканлиги, “Асадбек” исмили шахс эса ҳеч қаерда ишламайдиган И.А. эканлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Наманган шаҳар бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 168-модда 2-қисми «б» (фирибгарлик) ва 28,211-моддаси 1-қисми (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Муаллиф: Тергов департаменти катта терговчиси
капитан А. Авалбеков
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти