Эълон: Ижарага уй берилади...
Тошкент шаҳар. 2022 йилнинг 11 январь куни Нукус шаҳрида яшовчи 23 ёшли П.З. Учтепа тумани бўйича ИИО ФМБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, унда “OLX.UZ” сайти орқали ижарага уй қидириб, Учтепа туманидаги хонадон ижарага берилаётганлиги ҳақидаги эълонда кўрсатилган телефон рақамига қўнғироқ қилганида, уй эгаси деб таништирган номаълум шахс эълондаги уйни ижарага беришга ишонтириб, гўёки турмуш ўртоғининг номига очилган пластик карта ҳисобига дастлаб 1.590.000 сўм миқдоридаги пул маблағларини ўтказиб беришини айтиб, 2022 йилнинг 05 январдан 07 январга қадар бўлган вақт оралиғида юқорида кўрсатилган пул маблағларини олгач, берган ваъдасини бажармасдан, пулларини ҳам қайтармаётганлиги сабабли, ушбу шахсга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Мазкур ҳолат юзасидан Учтепа тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, кейинги тергов ҳаракатларини ўтказиш учун Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармасига юборилган.
Олиб борилган тергов-тезкор тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Тошкент шаҳар Бектемир туманида яшовчи муқаддам бир-неча маротаба судланган хавфли рецидивист 28 ёшли Қ.Р. томонидан содир этилганлиги аниқлаган.
Бундан ташқари, Қ.Р., алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида “OLX.UZ” сайтига Тошкент шаҳар Сирғали ва Чилонзор туманларида жойлашган гўёки ўзига тегишли бўлган икки хонали уйни ижарага бериши тўғрисида эълон ва хонадон фотосуратларини жойлаштириб, 2021 йилнинг 21 ноябрь куни 30 ёшли У.А.,дан 300.000 сўм ва 19 декабрь куни 23 ёшли Ё.С.,дан 800.000 сўм пул маблағларини пластик карта ҳисобига ўтказиб беришини айтиб, пул маблағларини олгач, берган ваъдасини бажармай, пулларини қайтармасдан келаётганлиги аниқланган.
Ҳозирда мазкур жиноят иши бўйича Қ.Р. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан жиноят ишида гумонланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинган.
Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти