Эсдан чиқиб қолибди...
Наманган вилояти. Жорий йилнинг 29 январь куни Норин тумани Отқулоч кўчасида яшовчи 32 ёшли М.М. туман ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, унда 2022 йил 28 январь куни соат 21:30дан эртаси куни соат 09:00гача бўлган вақт оралиғида ўзига тегишли бўлган «Lacetti» русумли автомашинасини яшаш хонадони олдида қаровсиз қолдириб кетганлиги, номаълум шахс ушбу ҳолатдан фойдаланиб, эшигини калит танлаш йўли билан очиб, автомашинани номаълум томонга олиб қочиб кетганлигини маълум қилиб, автомашинани топишда ҳамда номаълум шахсга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Олиб борилган тезкор-қидирув ишлари натижасида, ушбу автомашина Норин туман «Истиқлол» кўчасида жойлашган 108 уй олдида қаровсиз ва ҳеч қандай шикастларсиз ҳамда эшиклари қулфланган ҳолатда ташлаб кетилганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Норин туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан қўзғатилган.
Олиб борилган дастлабки тергов давомида, аслида автомашина олиб қочилмаганлиги, аксинча шу куни аризачи маст ҳолда уйига келиб, уйида ҳам спиртли ичимликлар истеъмол қилишни давом эттириб, маст бўлиб қолиб, транспорт воситасини номаълум шахс ўғирлаб кетганлиги тўғрисида ҳақиқий ҳолатга тўғри келмайдиган, айбловнинг сунъий далилларини вужудга келтирган ҳолда туман ИИБга ёлғон хабар берганлиги аниқланган.
Мазкур жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисмидан 237-моддаси 2-қисми “а,г”-бандларига (ёлғон хабар бериш)га қайта малакаланиб, шу кунинг ўзидаёқ М.М. гумонланувчи тариқасида жиноят ишига жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти