Талончилик содир этган велосипедчи
Фарғона вилояти. Жорий йилнинг 10 ноябрь куни соат 04:08 да 31 ёшли Н.С. Шифокор маҳалласи ҳудудидаги “Шифобахш Чимён” номли дорихона томон ҳаракатланиб кетаётган вақтида, ёнидан номаълум шахс велосипед бошқариб чамаси 30 метр масофа ўтганидан сўнг, велосипедини ташлаб, унинг қаршисига ҳаракатланиб келиб зўрлик ишлатиб, қўлида бўлган нархи 200.000 сўмлик “Lenovo” русумли уяли телефон аппаратини очиқдан-очиқ талон-торож қилиб, велосипеди билан ҳодиса жойидан яширинган.
Мазкур ҳолат юзасидан номаълум шахсга нисбатан 10.11.2020 йилда Фарғона тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми “а” банди (ҳаёт ва соғлиқ учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатиб ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб содир қилинган талончилик ) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ушбу жиноятни иссиқ изидан очиш мақсадида бир қатор тергов-тезкор ҳаракатлари олиб борилиши натижасида жиноятни муқаддам бир неча маротаба босқинчилик ва ўғирлик жиноятлари содир этган Кончилар маҳалласида истиқомат қилувчи 31 ёшли Ш.М. эканлиги аниқланган ҳамда терговга қадар текширув вақтида Ш.М. турмуш ўртоғига юқоридаги талончилик йўли билан эгаллаб олинган уяли телефон аппаратини иш хонасига яшириб қўйганлигини ва уни зудлик билан йўқотиш кераклигини айтган
бўлса-да, бироқ аёл фуқаролик бурчини англаган ҳолда ушбу ҳақда ички ишлар идораси ходимларига маълум қилган. Натижада ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган уяли телефон аппарати Ш.М.,нинг хизмат хонасида бўлган супургилар орасидан топилган.
Тергов ҳаракатлари жараёнида Ш.М.,га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 166-моддаси 2-қисми “а” банди билан айблов эълон қилиниб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти