Икки талончи қўлга киритган телефон аппарати эгасига қайтарилади
Андижон. 2021 йилнинг 6 январь куни соат 01:00 да фуқаролар 23 ёшли Дониёрбек Ф., ва 23 ёшли Жавохир Х.,лар ўзаро олдиндан жиноий тил бириктириб, ўзганинг мулкини талон-торож қилиш мақсадида, Асака тумани Меҳнатобод МФЙ ҳудудида фуқаро 28 ёшли Мирзохид Д., нинг юзига қўллари билан уриб, унга тегишли 400.000 сўм миқдоридаги нақд пуллари ва баҳоси 1.000.000 сўмлик “Redmi-5” русумли уяли телефон аппаратини очиқдан-очиқ талон-торож қилганлар.
Терговга қадар текширув жараёнида Дониёрбек Ф., ва Жавохир Х.,лар томонидан жиноий йўл билан қўлга киритилган “Redmi-5” русумли уяли телефон аппаратини Садриддин Ш.,га сотиб юборганликлари аниқланиб, Садриддин Ш.,дан ушбу телефон аппарати холислар иштирокида тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Асака туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан фуқаролар Дониёрбек Ф., ва Жавохир Х.,ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми “а,в” бандлари (талончилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Дастлабки тергов жараёнида Дониёрбек Ф., ва Мирзохид Д.,лар жиноят ишида гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланганлар.
Ҳозирда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти