Иш баҳона ўғирликка қўл урган ишчилар
Тошкент вилояти. Жорий йилнинг 29 апрель куни Тошкент шаҳар Олмазор туманида яшовчи 25 ёшли А.У. туман ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, унда ўзига тегишли бўлган Зангиота тумани Қахрамон маҳалласи ҳудудида жойлашган МЧЖдан номаълум шахслар томонидан жами 420 кг. миқдорда бўлган ва баҳоси 58.800.000 сўмлик сариқ рангли металл сим маҳсулотларини талон-торож қилиб кетилганлигини маълум қилиб, ушбу номаълум шахсларни аниқлаб, уларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари натижасида, мазкур жиноятни ушбу МЧЖда 3 ой синов муддатда ёлланма ишчи сифатида ишга қабул қилинган Тошкент туманида яшовчи 18 ёшли А.С. ва 22 ёшли Т.А. содир этганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Зангиота тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан юқоридаги шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 169-моддаси 2-қисми “а” банди (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов давомида, қонунбузарлардан ўғирланган симларнинг тақдири сўралганда, улар ушбу симларни Тошкент туманига олиб боришиб, темир-терсаклар олди-бердиси билан шуғуллануви шахсларга 2.700.000 сўм пулга сотиб юборишганликларини, пулларни эса ўзларининг шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборганликларини маълум қилишган.
Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти