Ижтимоий тармоқдаги "сохта танишув" ва "сохта учрашув" жиноят билан якунланди
Тошкент шаҳар. 2023 йил 17 март куни соат 01:30 ларда Самарқанд вилоятида яшовчи 33 ёшли Э.Д. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига мурожаат қилиб, ўзининг мурожаатида жорий йилнинг 16 март куни соат 23:30 ларда Сергели тумани Жалойир МФЙ.да нотаниш шахслар уни уриб тан жароҳати етказганини маълум қилган.
Олиб борилган терговга қадар суриштирув ишлари давомида мазкур ҳолатга аниқлик киритилганида гумонланувчилар 22 ёшли Р.М. ва вояга етмаган 17 ёшли М.М. ўзганинг мулкини босқинчилик йўли билан қўлга киритиш мақсадида жабрланувчи билан интернет ижтимоий тармоғи орқали танишиб, уни жорий йилнинг 16 март куни соат 23:30 ларда Сергели тумани Жалойир МФЙ. Бешкўприк кўчасига чақиришиб сўнгра уни уриб унга тан жароҳати етказиб, нархи 3.000.000 сўмлик “Hanor 8А” русумли уяли телефон аппаратини, қора рангли полиэтилен пакет ичида бўлган 6.000.000 сўм пулларни, эгнида бўлган нархи 400.000 сўмлик спорт курткасини, нархи 250.000 сўмлик шимини ва нархи 450.000 сўмлик оёқ кийимини босқинчилик йўли билан тортиб олиб ҳодиса жойидан яширинишганлиги аниқланган.
Тезкор-қидирув тадбирлар натижасида гумонланувчилар қўлга олиниб улардан бир дона “Hanor 8А” русумли уяли телефон аппарати ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Сергели тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Р.М. ва вояга етмаган М.М.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 164-моддаси 2-қисми “Б” банди (босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, улар процессуал тартибида ушланган.
Ҳозирда жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилмоқда.
Муаллиф: Тергов департаменти катта терговчиси
майор Ф.Салохов
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти