Талончилар қўлга киритган “Iphone-11 pro” русумли уяли телефон аппарати жабрланувчига қайтарилади
Фарғона. 2020 йилнинг 26 октябрь куни 4 нафар номаълум шахслар Фарғона шаҳар Ғолиблар кўчасига кириш қисмида вояга етмаган М.Н.,ни уриб, қўлида турган нархи 950 АҚШ долларлик “Iphone-11 pro” русумли уяли телефон аппаратини очиқдан-очиқ талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яширинганлар.
Суд-тиббий экспертиза хулосасида, М.Н.,да “пастки жағ соҳасида шилинма” аниқланиб, бу тан жароҳатлари 6 кундан ортиқ бўлмаган озгина тез ўтиб кетувчи енгил шикастлар тоифасига кириши кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан номаълум шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми “в” банди (талончилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ўтказилган тергов-тезкор ҳаракатлари давомида, ушбу жиноятни Асака туманида яшовчи фуқаролар 19 ёшли Э.Р., А.Ж., 20 ёшли Б.И., ҳамда вояга етмаган 17 ёшли О.Ғ.,лар содир этганликлари аниқланган. Улар ушбу уяли телефон аппаратини жиноий йўл билан қўлга киритганлигини яширган ҳолда Андижон шаҳридаги “Ботир” исмли шахсга 400 АҚШ долларига сотиб юборган ҳамда пуллардан 100 АҚШ долларини А.Ж., 100 АҚШ долларини вояга етмаган О.Ғ., 50 АҚШ долларини Б.И., ва қолган 150 АҚШ долларини Э.Р., ўзаро тақсимлаб олишган. Шунингдек, Б.И., дан ўзи 50 АҚШ доллари эвазига сотиб олган бир дона “Power bank” номли телефон қувватлагич ва бир дона “Airpods pro-4” номли қулоқчин (наушник) тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.
Бундан ташқари, “Ботир” исмли шахс ушбу “Iphone-11 pro” русумли телефон аппаратини “Жасур” фуқарога 450 АҚШ долларига сотиб юборган. Тергов жараёнида “Жасур”нинг отасидан вояга етмаган М.Н.,га тегишли бўлган “Iphone-11 pro” русумли телефон аппарати тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.
Дастлабки тергов жараёнида, Б.И., ва Э.Р.,ларга нисбатан ЖКнинг 166-моддаси 2-қисми “а,в” бандлари билан айблов эълон қилиниб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ҳамда А.Ж. ва О.Ғ.,лар эса процессуал тартибда ушланганлар.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти