Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Янги йилда янги транспорт воситаси ҳайдашни орзу қилган шахсга жиноят иши қўзғатилди

Сурхондарё вилояти. 2023 йилнинг 1 январь куни Термиз тумани “Бунёдкор” маҳалласида яшовчи 30 ёшли Р.Ж. Термиз шаҳар ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, унда Термиз шаҳар “Юлдуз” маҳалласи ҳудудида ўзига тегишли бўлган “Spark” русумли бўлган автомашинасини номаълум шахс олиб қочиб кетганлигини маълум қилиб, автомашинасини топишда амалий ёрдам беришни ҳамда номаълум шахсга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Олиб борилган тезкор-қидирув ҳаракатлари давомида транспорт воситаси Термиз шаҳар “Темир йўлчи” маҳалласи “Янгихаёт” кўчасида қаровсиз ҳолатда топилган. Жиноятни "иссиқ изи"дан очишга қаратилган саъи-ҳаракатлар оқибатида мазкур жиноят 32 ёшли Р.А. томонидан маст ҳолатда содир этилганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Термиз шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Text to speech