ЙҲХБ ходимининг сезгирлиги натижасида жиноятчилар қўлга олинди
Сирдарё вилояти. Жорий йилнинг 09 февраль куни Гулистон шаҳар Янги ҳаёт МФЙда яшовчи 35 ёшли М.Д. Гулистон шаҳар ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, унда ўзига тегишли “Matiz” русумли транспорт воситасини Гулистон шаҳар И.Каримов кўчаси 57-уй олдида қаровсиз қолдирилганлигидан фойдаланиб, номаълум шахс автомашинанинг эшигини очиб, номаълум томонга олиб қочиб, ҳодиса жойидан яширинганлигини маълум қилган.
Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари натижасида аниқланишча, қонунбузарлар мазкур автомашинани олиб қочиб, ҳодиса жойидан 300-400 метр ҳаракатланган вақтида, шу йўналишга бириктирилган Гулистон шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан тўхтатилиб, автомашинанинг ҳужжатлари сўралганда, мазкур автомашина уларга тегишли эмаслиги ва олиб қочилганлиги маълум бўлган. Жиноятчилар шу вақтнинг ўзидаёқ қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Гулистон шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Р.В, ва К.И.,ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси 2-қисми “б” банди (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, улар процессуал тартибда ушланишган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти