Ювиш шохобчасидан олиб қочилган «Nexia-2» Оқдарёдан топилди
Самарқанд вилояти. Жорий йилнинг 24 ноябрь куни Иштихон тумани ИИБга 1995 йилда туғилган фуқаро А.Б.дан келиб тушган хабарда унинг отаси Ч.З.га тегишли «Nexia-2» русумли автомашина олиб қочилгани маълум қилинган. Хабарга кўра, шу куни автомашина Чағатой маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги автомобилларни ювиш шохобчасида ювиш учун қаровсиз қолдирилганидан фойдаланиб, номаълум шахс уни олиб қочган.
Мурожаат юзасидан тергов-тезкор гуруҳи зудлик билан ҳодиса жойига чиқиб, зарур ҳужжатларни процессуал тартибда расмийлаштирган.
Тергов топшириғи асосида олиб қочилган автомашина Оқдарё тумани ҳудудидаги М-37 автомобиль йўлининг 16-километрида, йўл четидан топилган. Тергов ҳаракатлари давомида уни олиб қочган шахс 1992 йилда туғилган К.Э. экани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Иштихон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан К.Э.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, унга мазкур модда бўйича айблов эълон қилинган ва қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ҳурматли фуқаролар. Автомашинангизни тарк этишдан олдин эшикларини қулфлаб, калитини ўзингиз билан олишни унутманг. Ҳушёр бўлинг, ўз мулкингизга бефарқ бўлманг.
Тергов департаменти