Тош бўлаги билан содир қилинган босқинчилик
Тошкент вилояти. 2021 йилнинг 08 май куни соат 08:00 ларда 33 ёшли Ш.Абдукаюм ўзининг бошқарувидаги “Cobalt” русумли автомашинасига таниши 25 ёшли С.Шокир ва икки нафар фуқароларни йўловчи сифатида олиб, Тошкент шаҳрига кетаётганларида М-39 “Тошкент-Термиз” автомобиль йўлининг Янгийўл тумани “Чаманзор” маҳалласи ҳудудида С.Шокир Ш.Абдукаюмдан автомашинасини тўхтатишини сўраб, уни чалғиганлигидан фойдаланиб тош бўлаги билан Ш.Абдукаюмнинг бошига бир неча маротаба уриб, ёнида бўлган 4 800 АҚШ доллар пулларини босқинчилик йўли билан қўлга киритиб, ҳодиса жойидан яширинган.
Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари натижасида ушбу жиноятни содир қилган С.Шокир процессуал тартибда ушланиб, босқинчилик йўли билан қўлга киритган пул маблағлари ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Янгийўл тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан С.Шокирга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми “а,в” бандлари (қурол ёки қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган бошқа нарсаларни ишлатиб, анча миқдордаги мулкни талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳолда содир этилган босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари давомида С.Шокир Ш.Абдукаюм йўлда кетаётганида Тошкент шаҳрига почта олганлигини кўриб, ушбу почтани қўлга киритиш мақсадида босқинчилик жиноятини содир қилганлиги аниқланган. Бундан ташқари автомашинада бўлган икки йўловчи ҳолатни кўриб, қўрқиб қочиб кетганлиги аниқланган.
Ҳозирда тергов давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти