Калит тўғри келганлиги сабабли автомашина олиб қочилди
Наманган вилояти. 2021 йилнинг 11 февраль кунидан 12 февраль кунига ўтар кечаси номаълум шахс Наманган шаҳар “Янгиқурилиш” МФЙ Н.Убайдуллаев кўчаси 39-уй олдида қаровсиз қолдирилган 29 ёшли Абдулахад М.,га тегишли “ВАЗ-21011” русумли автомашинанинг эшиги очиқ эканлигидан фойдаланиб, номаълум томонга олиб қочган.
Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари натижасида, ЙҲХБ ходимлари томонидан фуқаро Абдулахад М.,га тегишли “ВАЗ-21011” русумли автомашина Наманган шаҳар “Бобуршох” МФЙ ҳудудидан техник соз ҳолатда топилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Наманган шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Дастлабки тергов давомида, ушбу жиноятни вояга етмаган 10-синф ўқувчилари 16 ёшли Шукрулло А. ва Сайидбек С.,лар биргаликда содир этганликлари, улар автомашинани қаровсиз ҳолатда эшиклари очиқ эканлигидан фойдаланиб, ўзларининг ёнида бўлган бошқа “ВАЗ-21011 русумли автомашинанинг калити ёрдамида ўт олдириб бошқарганликлари аниқланган.
Ҳозирда вояга етмаган Шукрулло А., ва Сайидбек С.,лар гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланганлар.
Ҳурматли фуқаролар, моддий бойликларингизга бефарқ бўлманг, автомашинани қулфланганлигига ишонч ҳосил қилинг ва калитни ўт олдириш жойида қолдирманг.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти