Йўл четига қолдириб кетилган автомашина кимга керак бўлиб қолганлиги тез фурсатда аниқланди
Бухоро вилояти. 2022 йил 7 ноябрь кеч соат 00:45 да Бухоро вилояти ИИБ “102” рақамига 26 ёшли Ғиждувон туманда яшовчи С.А. қўнғироқ қилиб, ўзига тегишли бўлган Хитой Халқ Республикасида ишлаб чиқарилган “HAFTI SONG HUA JIANG” русумли кичик ҳажмдаги юк машинасини Ғиждувон туман “Хавзак” МФЙ ҳудудидан ўтувчи М-37 автомобиль йўлининг йўл четига қолдириб кетилган жойидан номаълум шахс томонидан олиб кетилганлигини билдириб, ушбу номаълум шахсга нисбатан қонуний чора кўришни ва юк машинасини топишда амалий ёрдам беришни сўраган.
Ҳолат бўйича юк машинани топиш ҳамда уни олиб кетган номаълум шахсни аниқлаш мақсадида олиб борилган тезкор-қидирув ишлари натижасида, ушбу кичик ҳажмдаги юк машина Ғиждувон туман Кўҳна Найман қишлоғи ҳудудидаги “Шукур Тўхта” фермер хўжалигига қарашли экин ер майдони яқинида ойналари синдирилган ҳолатда ташлаб кетилганлиги аниқланган. Юк машина кўздан кечирилиб, ҳужжатлаштирилган ва ҳозирда жарима майдончасига сақлаш учун жойлаштирилган.
Олиб борилган тергов-тезкор ишлари натижасида ушбу юк машинани 14 ёшли вояга етмаган Х. А. ва Ф.Ш.лар биргаликда олиб қочганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ғиждувон туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 267-моддаси 2-қисми “Б” банди (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар !
Моддий бойликларингизга бефарқ бўлманг, автомашинангизни қулфланганлигига ишонч ҳосил қилинг ва калитни ўт олдириш жойида қолдирманг. Акс ҳолда арзимаган эътиборсизлик ҳам юқоридаги каби салбий ҳолатлар рўй беришига сабабчи бўлиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти