Имтиёз 500 АҚШ долларига баҳоланди
Қашқадарё вилояти. 2021 йилнинг 04 февраль куни 26 ёшли Рустам М., Қарши шаҳар ҳокимлиги биноси ичида фуқаролар 46 ёшли Дилафруз Б., ва 37 ёшли Дилафруз А.,ларга ўзини ҳокимликнинг мурожаатлар бўлими ходими деб таништириб, уларга келгусида бошланғич тўлови тўланмайдиган кам таъминланган фуқароларга имтиёз асосида бериладиган уй-жойлар олишларида ёрдам беришини ваъда қилиб, уларнинг ҳар биридан 500 АҚШ доллардан жами 1000 АҚШ доллар пул маблағларини рўйхатга олинганликлари учун давлат божи тўлови сифатида дея алдов йўли билан олиб, ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган.
Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида, Рустам М., ҳеч қаерда ишламаганлиги сабаб, шаҳар ҳокимлигида жамоат ишларида ёрдам бериши мақсадида жалб қилиниб, иш ўргатилаётганлиги, мурожаатлар бўлимига келган фуқароларнинг энг нозик муаммоларини билиб олиб осон пул топиш мақсадида ушбу жиноятни содир қилганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Рустам М.,га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган ва у процессуал тартибда ушланган.
Ҳозирда тергов давом этмоқда.
Ҳурматли фуқаролар бу каби масалалар юзасидан ҳокимият органларига қонуний йўллар билан мурожаат қилишингиз мумкинлигини, осон йўллар билан ҳал қиламан деб фирибгарлар қўлига тушиб қолмаслик ўз қўлингизда эканлигини унутманг!
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти