Мингбулоқда дўкондан 24 та телефон ўғирланди
Наманган вилояти. Жорий йилнинг 15 ноябрь куни 1993 йилда туғилган фуқаро А.Ж. Мингбулоқ тумани ИИБнинг «102» қисқа рақамига мурожаат қилиб, шу куни туман марказидаги ўзи фаолият юритадиган «SAMSUNG» номли савдо дўконига номаълум шахс яширин равишда кириб, умумий қиймати 10 135 АҚШ доллари бўлган турли русумдаги 24 дона телефон аппаратини ўғирлаб кетганини маълум қилган.
Мурожаат асосида тергов-тезкор гуруҳи зудлик билан ҳодиса жойига чиққан. Ҳодиса жойи кўздан кечирилиб, дўконга ўрнатилган кузатув камераларидан ишга алоқадор видеоёзувлар ҳамда бошқа ашёвий далиллар процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Ички ишлар органлари ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида мазкур жиноятни Мингбулоқ туманида яшовчи, 2012 йилда туғилган, 9-синф ўқувчиси Ю.М. содир этгани аниқланган.
Тергов ҳаракатлари давомида Ю.М. яшайдиган хонадондан 24 дона телефон аппарати текшириб кўриш учун ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Мингбулоқ тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ю.М.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми «б» ва «г» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Унга нисбатан «вояга етмаганни кузатув остига олиш» эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ҳурматли ота-оналар, фарзанд тарбиясига бефарқ бўлманг!
Зеро, ота-она назорати — фарзанд келажаги учун муҳим кафолат.
Тергов департаменти