Муқаддам судланган шахс, транспорт воситасини олиб қочиб, йўл-транспорт ҳодисасига учради
Тошкент шаҳар. 2022 йил 8 март куни соат 20:30 ларда номаълум шахс Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани Ўзбекистон овози кўчасида жойлашган автомашиналар ювиш шохобчасига келиб, шохобча кассасида ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, 29 ёшли Н.Ш.,га тегишли бўлган “Gentra” русумли автомашина бошқарув пультини олиб, ушбу пульт ёрдамида автомашина эшикларини очиб, автомашинани номаълум томонга олиб қочганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек туман бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида, номаълум шахс олиб қочилган транспорт воситасини Яккасарой тумани Ш.Руставелли ва Гавҳар кўчалари кесишган чорраҳада бошқариб кетаётиб, “Cobalt” русумли автомашина билан тўқнашув содир этганлиги аниқланиб, воқеа жойидан яширинмоқчи бўлганида қоидабузар ушланган.
Тергов жараёнида ушбу номаълум шахснинг шахсига аниқлик киритилганда, у муқаддам судланган Тошкент вилоятида яшовчи 24 ёшли П.Ш. эканлиги маълум бўлган. Ҳозирда П.Ш.,га нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Тергов давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти