“Назарбек”гача етиб олишим керак дедимку...
Тошкент шаҳар. 2022 йил 2 апрел куни соат 10:40да Тошкент вилояти Зангиота туманида яшовчи 47 ёшли Н.Э. ички ишлар органларининг “102” қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, унда шу куни соат 10:30 ларда ўзига тегишли бўлган кулранг “Matiz” русумли автомашинасида Учтепа тумани Фарход кўчаси бўйлаб ҳаракатланаётганида, уни ёши тахминан 50-55 лардаги эркак киши тўхтатиб, “Назарбек” постига олиб боришни сўраб автомашинасига йўловчи сифатида ўтириб, сўнгра ушбу йўловчи билан 200 метр масофа юриб, йўлнинг ўнг томони четида “Techno BOX” дўкони очиқлигини кўриб, дўкон олдида тўхтаб автомашинасида калитини ҳамда йўловчини бир ўзини қолдириб, ушбу дўконга кредити учун тўловни амалга ошириш учун кириб, дўкондан қайтиб чиққанида автомашинаси жойида йўқлигини маълум қилиб, ушбу номаълум шахсга нисбатан қонуний чора кўришни ва автомашинасини топишда амалий ёрдам беришни сўраган.
Олиб борилган тезкор-қидирув ишлари натижасида номаълум шахс томонидан олиб қочилган Н.Э.,га тегишли автомашина Учтепа тумани Маннон Уйғур кўчасидаги Назарбек кўприги остида қолдириб кетилганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Учтепа тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан қўзғатилган.
Олиб борилган тергов-тезкор ишлари натижасида мазкур жиноятни 54 ёшли А.А. мастлик ҳолатида содир этганлигини аниқланган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти