Одамларнинг ишонувчанлигини суиистеъмол қилган талончи
Тошкент вилояти. 2022 йил 14 февраль куни соат 15:00ларда Чирчиқ шаҳар Пушкин кўчасида жойлашган уйларнинг рўпарасида номаълум шахс 12 ёшли Д.Г. ёнига келиб, ундан танишларига қўнғироқ қилиб олишлик учун телефон аппаратини бериб туришини сўраб, вояга етмаган фуқарога соғлиғи ёмонлашганлигини, ундан яшаш уйига кириб сув олиб чиқишини ва ушбу жойни ўзида уни кутиб туришини айтиб, Д.Г.нинг яшаш уйига кириб кетганлигидан фойдаланган ҳолда қўнғироқ қилиш учун олган “I Phone 5 S” русумли уяли қўл телефон аппаратини очиқдан-очиқ талон-торож қилиб, номаълум томонга қочиб кетганлиги аниқланган.
Олиб борилган тергов-тезкор ишлари натижасида, мазкур жиноят 22 ёшли Р.М. томонидан содир этилганлиги аниқланиб, ундан Д.Г.га тегишли бўлган “I Phone 5 S” русумли телефон аппарати холислар иштирокида ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олиб қўйилган.
Дастлабки тергов давомида аниқланишича, Р.М. ўзининг жиноий қилмишини давом эттириб, жорий йилнинг 11 февраль куни соат 20:45 ларда Чирчиқ шаҳар Ёшлик кўчаси 5-уйда яшовчи таниши 51 ёшли Т.О.нинг яшаш хонадонига келиб, у билан бир пиёла чой устида ўзаро суҳбатлашиб ўтириб, Т.О.дан танишларига қўнғироқ қилиб олишлик учун “Samsung A11” русумли телефон аппаратини сўраб, унга танишлари билан кўчада гаплашиб келишини айтиб, “Samsung A11” русумли телефон аппаратини очиқдан-очиқ талон торож қилиб, номаълум томонга қочиб кетган.
Т.О.га тегишли бўлган “Samsung A11” русумли телефон аппарати ҳам холислар иштирокида ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олиб қўйилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Чирчиқ шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Р.М.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 166-моддаси 3-қисми “а” банди (талончилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти