Олиб қочилган автомашина ёниб бўлган ҳолатда аниқланди
Сирдарё вилояти. 2022 йил 09 апрель куни соат 06:15да Сардоба тумани Турон кўчасида яшовчи 42 ёшли А.М., Сирдарё вилояти “102” қисқа рақамига мурожаат қилиб, унда жорий йилнинг 09 апрель куни соат 04:00дан соат 06:00га қадар бўлган вақт оралиғида номаълум шахс томонидан у томонидан ишончнома қоғози асосида бошқарувида бўлган оқ рангли “Nexia-1” русумли автомашинаси эшиги очиқ ва калити жойида қолганидан фойдаланиб, яшаш уйи олдидан олиб қочиб кетилганлиги ҳақида маълум қилиб, ушбу номаълум шахсларни топишда ҳамда уларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Мазкур ҳолат юзасидан Сардоба тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари натижасида, жабрланувчига тегишли автомашина Сардоба тумани Қўйитош маҳалласи ҳудудидан ўтувчи автойўлининг 6-км.,да тўлиқ ёнган ҳолатида топилган. Автомашина кўздан кечирилган вақтда номаълум шахс томонидан автомашинанинг давлат рақамлари ва муқаддам автомашинада мавжуд бўлган газ баллон ҳамда орқа юкхонасидаги захира ғилдираги ечиб олиб кетилганлиги аниқланган.
Тергов-тезкор ҳаракатлар давом эттирилиб, мазкур жиноятни Сардоба туманида яшовчи муқаддам судланган 30 ёшли К.Р. содир этганлиги, унинг яшаш хонадони тинтув қилинганида, унда олиб қочилган “Nexia-1” русумли автомашинага ўрнатилган бир дона газ баллон ҳамда бир дона автомашина захира ғилдираги мавжудлиги аниқланиб, ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Мазкур жиноят иши бўйича К.Р. гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, унгага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 267-моддаси 2-қисми “г” банди ва 173-моддаси 1-қисми (Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) билан айблов эълон қилиниб, унга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Тергов давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти