Олтинсой туманида дўконга тушган вояга етмаган шахс қўлга тушди
Сурхондарё вилояти. 2023 йил 30 январь куни Олтинсой туманида яшовчи 27 ёшли И.С. “102” қисқа рақамига мурожаат қилиб, жорий йилнинг 29 январидан 30 январига ўтар кечаси номаълум шахс, унга тегишли “Оқарбулоқ” маҳалласида жойлашган савдо дўконига ғайриқонуний равишда, кириш эшиги қулфини бузган ҳолда кириб дўконда бўлган турли русумдаги жами 13 дона уяли алоқа воситаларини яширин равишда ўғирлаб кетганлигини билдириб, номаълум шахсни тошишда, унга нисбатан қонуний чора кўришни ҳамда етказилган моддий зарарни ундиришда амалий ёрдам беришни сўраган.
Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари натижасида мазкур жиноятни Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида яшовчи вояга етмаган 10-синф ўқувчиси 16 ёшли М.Ш. содир этканлиги аниқланиб, ундан жами 10 дона телефон аппаратлари ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Олтинсой тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан вояга етмаган М.Ш.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 169-моддасининг тегишли бандлари (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят иши доирасида, қонунбузардан қолган 3 дона телефон аппаратларнинг тақдири сўралганда, у уларни Термиз шаҳрида жойлашган бозорларнинг бирига бориб, ўзига номаълум бўлган шахсга 1.000.000 сўмга сотганлигини маълум қилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти