“OLX.uz” дан ижарага олинган буюмлар 29 млн.га сотиб юборилди
Самарқанд вилояти. 2023 йил 31 март куни 33 ёшли С.А. ариза билан мурожаат қилиб, жорий йилнинг 6 февраль куни унинг ёнига “OLX.uz” ижтимоий тармоғида берилган эълон бўйича ўзини Навоий шаҳрида яшовчи 28 ёшли С.Г. деб таништирган аёл келиб, гўёки унинг Навоий шаҳрида олиб бораётган қурилишига унда мавжуд қурилиш анжомлари кераклигини айтиб, ўзини катта қурилиш қилаётган шахс сифатида кўрсатиб, ишончига кириб, ундан қурилиш анжомлари бўлган 30 комплект ховоза, 73 дона монолитний устунлари, 30 дона 2 Х 1 метр ўлчамли опалубка ва 90 дона 25 мм диаметрли темир қозиқларни ижарага беришни сўраб, ижаранинг ҳар бир кунини 420.000 сўмдан келишиб, бунинг учун олдиндан жами 10 кунлик 4.200.000 сўм ижара пулини бериб, қурилиш анжомларини олиб кетган ва орадан 9 кун ўтиб, яна қўшимча қурилиш анжомлари яъни 16 дона 2х1 метрли, 20 дона 2х0,5 метрли, 4 дона 1х0,5 метрли темир опалубка, 48 дона 25 мм диаметрли ва 60 дона 18 мм диаметрли темир қозиқларни олиб кетиб, шу кунга қадар қурилиш анжомларини ва ижара пулларини бермасдан келаётганини маълум қилиб, пуллари ундиришда ҳамда қурилиш анжомларини қайтариб олишда амалий ёрдам беришни сўраган.
Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари натижасида С.Г. (аёл) томонидан қўлга киритилган С.А.га тегишли бўлган жами 115.000.000 сўмлик қурилиш анжомларини Тошкент шаҳридаги металл бозорига олиб бориб 29.000.000 сўмга сотиб юборганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Каттақўрғон шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан С.Г.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 168-моддаси 3-қисми “а” банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Муаллиф: Тергов департаменти ЎМИБ терговчиси
подполковник С.Ширбачеев
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти