Калитнинг ўт олдириш жойида қолдирилиши яна бир автомашина олиб қочилишига сабаб бўлди.
2019 йил 22 декабрь куни тахминан соат 02:55 ларда 35 ёшли Ш.Ҳ. Жиззах шаҳри бўйича ИИО ФМБга ариза билан мурожаат қилиб, унда шу куни соат 23:00 ларда ўзининг “Ласетти” русумли автомашинасини яшаш уйи олдида калити ўт олдириш жойига тиқилган ҳолатда қолдирганлигини, тахминан соат 02:50 ларда шовқин овозини эшитиб ташқарига чиқиб қараган вақтида, номаълум шахс автомашина эшик ойнасини синдириб, ичида қолдирган калит билан автомашинани ўт олдириб, номаълум томонга ҳайдаб кетганини кўрганлигини маълум қилиб, автомашина топишда ва ушбу шахсни аниқлаб, унга нисбатан чора кўришни сўраган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиззах шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тергов-тезкор тадбирлари натижасида ушбу жиноятни 18 ёшли Х.Ж. ва 19 ёшли Б.Р.лар содир этганлиги аниқланиб, улардан автомашина калити ҳужжатлаштириб олинган. Х.Ж. ва Б.Р.ларга нисбатан ЖКнинг 267-моддаси 2-қисми “б” банди билан айблов эълон қилиниб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти