Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Такроран транспорт воситасини олиб қочган вояга етмаган шахсга ҳукм ўқилди.

Самарқанд. 2019 йилнинг 23 октябрь куни тахминан соат 10:30 ларда вояга етмаган 17 ёшли Д.Ҳ. Ургут шаҳри “Мерганча” маҳалласи ҳудудидаги автотураргоҳда фуқаро Ф.Н.га тегишли оқ рангли “Nexia-3” русумли автомашинаси қаровсиз қолдирилганлигидан фойдаланиб, автомашинани ўт олдириш жойида қолдирилган калит ёрдамида юрғизиб, транспорт воситасини олиб қочган.

Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, 2019 йилнинг 24 октябрь куни вояга етмаган Дилмурод Ҳ. Каттақўрғон шаҳридаги деҳқон бозори олдида автомашинани бошқариб бораётган вақтида ИИБ ходимлари томонидан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ургут тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилган ва дастлабки тергов жарёнида Дилмурод Ҳ. аввал ҳам худди шундай жиноятни содир этгани учун судланганлиги аниқланиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси 2-қисми “а” банди (хавфли рецидивист томонидан транспорт воситасини олиб қочиш) билан айблов эълон қилинган ҳамда “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов якунига кўра, жиноят иши айблов хулосаси билан судлов муҳокамасига юборилган.

Жиноят ишлари буйича Ургут туман судининг ҳукмига кўра, фуқаро Дилмурод Ҳ. айбдор деб топилиб, унга 5 (беш) йил 6 (олти) ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Text to speech