Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

“Пластигингизни нақдлаштира олмаяпсизми??? Ўзим ёрдам бераман...”

Қашқадарё вилояти. 2022 йил 25 февраль куни Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳрида яшовчи 37 ёшли М.З. ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, АТБ “SANOATQURILISHBANK”га қарашли Муборак туманидаги банкоматга пластик картасидаги пулини нақд пулга алмаштириш учун келган 31 ёшли Қ.М.га ёрдам беришини айтиб, унинг пластик картасини банкоматга тиқиб, пластик картани “SMS” хабарномасини ўзининг телефон рақамига улаб олиб, унга пластик картангиз кодланиб қолибди деб, қайтариб бериб, пластик картадаги 6 млн. 900 минг сўм пулларини “Paymе” илова орқаси ўзининг пластик картасига ўғирлик йўли билан ўтказиб олиб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганлиги аниқланган.

Бундан ташқари, М.З. ўзининг жиноий ҳаракатларини давом этириб, жорий йилнинг февраль ойидан март ойига қадар яна 6 нафар фуқароларга пластик карточкаларидаги пулларини банкомат орқали нақдлаштиришда ёрдам беришини айтиб, уларнинг карталарини ҳам ўзининг телефон рақамига улаб олиб, пулларни “Paymе” иловаси орқали яширин равишда ўтказиб олиб, эгаллаган пулларни ўзининг эҳтиёжларига ишлатиб юборганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан М.З.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 169-моддаси 3-қисми “а” банди (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳурматли фуқаролар! Бировга ишонч билдиришдан олдин чуқур ўйлаб кўринг. Фирибгарлик қурбонига айланиб қолишдан огоҳ бўлинг!

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Text to speech