Дўконлардан ўғирлик содир этган шахслар аниқланди
Хоразм. 2020 йил 6 апрель кунидан 7 апрель кунига ўтар кечаси, 20 ёшли С.Р., танишлари 19 ёшли Х.С. ва вояга етмаган 13 ёшли Б.Қ.,лар билан жиноий тил бириктириб фуқаро Д.Я., га тегишли Хонқа тумани “Мустақиллик” маҳалласида жойлашган озиқ-овқат дўконига дераза орқали ғайриқонуний равишда кириб, жами баҳоси 1.859.000 сўмлик озиқ-овқат ва кийим-кечак маҳсулотларини яширин равишда талон-торож қилиб ҳодиса жойидан яширинганлар.
Шунингдек, улар такроран жорий йилнинг 9 апрель кунидан 10 апрель кунига ўтар кечаси шу маҳаллада жойлашган фуқаро Н.Б.,га (аёл) тегишли бўлган ўқув қуроллари дўкони эшигини бузиш йўли билан ғайриқонуний равишда кириб, жами баҳоси 2.208.000 сўмлик ўқув қуролларини яширин равишда ўғирлаб, ҳодиса жойидан яширинганлар.
Ўтказилган терговга қадар текширув ҳаракатлари жараёнида, талон-торож қилинган мулкларнинг аксарияти вояга етмаган Б.Қ., нинг яшаш хонадонида эканлиги аниқланиб, ашёвий далил тариқасида тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.
Ҳолат юзасидан Хонқа туман ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти