“Ҳайдовчилик гувоҳномангни 1.400 АҚШ долларига олиб берамиз”
Тошкент шаҳри. 20 ёшли фуқаро Х.Ф. Яшнобод тумани бўйича ИИО ФМБ га ариза билан мурожаат қилиб, унда 2020 йилнинг сентябрь ойларида Яшнобод тумани Фазогир маҳалласида жойлашган “Парвоз” ресторани олдида 24 ёшли Х.М ва 21 ёшли Ж.И.лар унга Йўл патруль хизмати ходимлари томонидан олиб қўйилган ҳайдовчилик гувоҳномасини танишлари орқали олиб беришини ваъда қилиб, ундан 1400 АҚШ долларини олиб, берган ваъдасини бажармасдан келаётганликларини маълум қилган.
Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида, Х.М. ва Ж.И.лар вақтинча ҳеч қаерда ишламасликлари, уларнинг Йўл патруль хизматида ҳам ҳеч қандай танишлари йўқлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Яшнобод тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “Б” банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти