Катта миқдордаги гиёҳвандлик воситалари сотилишига чек қўйилди.
Сурхондарё. 2020 йил 13 февраль куни тахминан соат 22:30 ларда ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир жараёнида 52 ёшли Ш.Х.,нинг бошқарувидаги “Lacetti” русумли автомашинаси Жарқўрғон тумани ҳудудида тўхтатиб текширилганида, автомашинада йўловчи сифатида кетаётган фуқаро 53 ёшли Б.Ш.,нинг ёнидан умумий оғирлиги 792,60 гр.га тенг “гашиш” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, ҳужжатлаштириб олинган.
Бундан ташқари, Б.Ш.,нинг кўрсатмасига асосан, жорий йилнинг 14 февраль куни Термиз шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир жараёнида, Б.Ш., ўзининг танишлари Тожикистон Республикаси фуқаролари 37 ёшли Х.Д., ва 51 ёшли А.И.,лардан соф оғирлиги 1,10 кг. бўлган “гашиш” гиёҳвандлик воситасини жами 3.000 АҚШ доллари эвазига сотиб олаётганида ушланган ва тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Термиз шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти