9 яшар қизалоқни тунаган жиноий жуфтлик
Тошкент шаҳри. 2021 йилнинг 03 февраль куни соат 16:00 ларда номаълум шахслар бир гуруҳ бўлиб, олдиндан жиноий тил бириктириб, Яккасарой тумани Чўпон ота кўчасининг поезд темир йўли билан кесишган чорраҳаси яқинида вояга етмаган 9 ёшли Арина Т.,нинг қўлида бўлган нархи 2.100.000 сўмлик бўлган «Redmi 8 Lite» русумли уяли телефон аппаратини қўлидан юлиб олиб, ҳодиса жойидан қочиб кетишган.
Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари натижасида мазкур жиноятни фуқаро 21 ёшли Шаҳзод Б. ва Шохиста Б.,лар содир этганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Яккасарой тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Шаҳзод Б. ва Шоҳиста Б.,ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми «в» банди (талончилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида, ўғирлаб олинган уяли алоқа телефон аппаратини улар “Малика” савдо мажмуасида 550.000 сўм пул эвазига сотиб юборганликлари, бундан ташқари ушбу жиноятни содир этишга вояга етмаган шахсни жалб қилишганликлари ҳам аниқланган.
Ҳозирги вақтда юқорида кўрсатиб ўтилган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми “в” банди (талончилик) ва 127-моддаси 3-қисми (вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш) билан айб эълон қилиниб, ҳар бирига нисбатан “гаров” эҳтиёт чораси қўлланилган.
Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Муаллиф: Яккасарой тумани ИИО ФМБ ТБ
таҳлил ва назорат бўлинмаси катта терговчиси
Ш.А.Миркаримова
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти