Оғуфурушларнинг ҳаракатларига чек қўйилди
Бухоро. 2020 йилнинг 10 октябрь куни соат 17:45 да Бухоро шаҳар А.Ғиждувон кўчасида жойлашган “Карвон буюм бозор” олдидаги пиёдалар йўлагида “Spark” русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилганида автомашинада йўловчи сифатида кетаётган Б.О., автомашинанинг олд йўловчи эшигининг пастки қисмида қора рангли полиэтилен пакетда 10 дона гугурт қутиларига солиниб, қадоқланган ҳолдаги 22,75 гр.га тенг бўлган кўп миқдордаги “Марихуана” гиёҳвандлик моддаларини ўтказиш мақсадини кўзлаб, қонунга хилоф равишда сақлаб келаётганлиги аниқланиб, холислар иштирокида тегишли тартибда расмийлаштириб олинган. Шу сабабли, Б.О., ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра жиноий мақсадини охирига етказа олмасдан, кўп миқдордаги “марихуана” гиёҳвандлик воситаларини ўтказишга суиқасд қилган.
Бундан ташқари, терговга қадар текширув давомида Б.О.,нинг ён чўнтагидан қуритилган ҳолдаги соф вазни 0.97 гр. гиёҳвандлик воситаси аниқланиб, холислар иштирокида расмийлаштириб олинган. Тергов жараёнида, Б.О., юқоридаги гиёҳвандлик воситаларини Б.Х.,дан олинганлиги аниқланиб, ушбу шахснинг уйи тинтув қилинганда уйининг оғилхонасидан оғирлиги 177,09 гр.га тенг “марихуана” гиёҳвандлик воситалари борлиги аниқланиб, тегишли тартиб расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Б.Х.,га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 270-моддаси 1-қисми (тақиқланган экинларни етиштириш) ва 273-моддаси 5-қисми (Гиёвандлик воситаларини кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш) билан айб эълон қилиниб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Б.О.,га нисбатан эса ЖКнинг 25,273-моддаси 5-қисми (Гиёвандлик воситаларини кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотишга суиқасд қилиш) билан айб эълон қилиниб, унга ҳам “қамоққа олиш” тарзидаги эхтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти
Муаллиф: Ж.Н.Қодиров
ТД катта терговчиси, капитан