“Пул пулни чақиради” деб фирибгарга “миллиардлар”ини берган корхона раҳбари эндиликда жабрланувчи
Фарғона вилояти. 2020 йилнинг июль ойидан декабрь ойига қадар бўлган вақт оралиғида 31 ёшли Ҳусанжон Т., Қўқон шаҳрининг турли ҳудудларида таниши 38 ёшли Камолиддин И.,га банк тизими пул ўтказмалари орқали пулларини айлантириб, кўп фойда олиши мумкинлигига қизиқтириб, ундан жами 71 200 АҚШ доллар ва 1 009 258 000 сўм пул маблағларини алдов йўли билан олиб, ушбу пулларни эҳтиёжларига сарфлаб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳри бўйича ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Ҳусанжон Т.,га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тергов ҳаракатлари жараёнида, Камолиддин И., Қўқон шаҳрида жойлашган хусусий корхона раҳбари бўлиб, Агра банк Қўқон шаҳри филиали мижози эканлиги, ушбу банк ходими Ҳусанжон Т., билан анча йилдан бери таниш бўлиб, унга 20 000 АҚШ доллар қарз берганида, Ҳусанжон Т., ушбу пулларни банкка қўйиб фойда олишини айтиб, уни қизиқтириб бир ойлик фойданинг ярми деб бошланишига 2.250.000 сўм пул олиб келиб бериб, кейинчалик ундан олган пуллари эвазига фойдаси деб жами 240.000.000 сўм пул маблағлари бериб, у ҳам қизиқиб янада кўпроқ пул бериб борганлиги, орадан маълум бир вақт ўтиб, Ҳусанжон Т., хорижга чиқиш паспортини олиб Қирғизистон Республикасига чиқиб кетиб қолганлиги, ундан олган пулларини банкка қўймасдан эҳтиёжларига сарфлаб, бир қисмига ер участкаси сотиб олиб, бир қисмини таниш аёлига берганлиги маълум бўлган.
Ҳозирда Ҳусанжон Т.,ни ушлаш чоралари кўрилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар, мулкларингиз ва пулларингизни нотаниш ҳамда ҳалол инсон сифатида Сизга таниш бўлмаган инсонларга ўз хоҳишингиз билан берманг. Фирибгарларни тўрига тушмаслик ўз қўлингизда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти