Аввал тайинланган жазо талончи учун тарбиявий аҳамиятга эга бўлмади
Тошкент шаҳри. 2020 йилнинг 13 ноябрь куни соат 13:00 да номаълум шахс талончилик содир этиш мақсадида, Тошкент шаҳар Учтепа тумани 23-мавзесидаги кўп қаватли уйларнинг олди томонидан юриб кетаётган 18 ёшли Камола Ҳ.,нинг орқа томонидан келиб, эгнидаги кийимини ўнг чўнтагида бўлган нархи 2 млн. сўмлик «Samsung Galaxy A 6» русумли уяли телефон аппарати билан нархи 10 минг сўмлик «SIM» картасини тортиб олиб, Камола Ҳ.,ни бақиришига қарамасдан туртиб юбориб тан жароҳати етказган ҳолда ҳодиса жойидан яширинган.
Олиб борилган тергов-тезкор тадбирлари натижасида, ушбу жиноятни 31 ёшли Дилшод М., содир этганлиги, Камола Ҳ.,га тегишли «Samsung Galaxy A 6» русумли уяли телефон аппаратини фуқаро 24 ёшли Достон С.,га 500.000 сўмга сотганлиги аниқланиб, фуқаро Достон С.,дан холислар иштирокида ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Дилшод М.,га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми “а” банди (талончилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Дастлабки тергов жараёнида аниқланишича, 31 ёшли Дилшод М., муқаддам бир неча маротаба шу турдаги жиноятларни содир этганлиги учун судланганлиги маълум бўлиб, у ЖКнинг 166-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти