Тракторнинг тиркамасида одам олиб юришнинг оқибати: икки аёл вафот этди яна бири касалхонада.
Бухоро. 2020 йилнинг 12 май куни соат 10:00 да 45 ёшли О.И., “МТЗ-80” русумли тракторида, унга уланган иккита тиркамаси билан Ромитан тумани Боғитуркон МФЙ даги фермер хўжалигига қарашли дала ер майдони ҳудудидан ўтган зовурнинг ён томонидаги йўл бўйлаб ҳаракатланиб келиб, йўл лойлиги сабабли трактори орқа томонида бўлган тиркамалари сирпаниб, зовур ичига ағанаб кетиши оқибатида йўл транспорт ҳодисаси содир қилган.
Натижада трактор тиркамасида йўловчи сифатида келаётган 34 ёшли О.И. ва 33 ёшли Ш.П., оғир тан жарохати олиб, ҳодиса содир бўлган жойда вафот этишган. Бундан ташқари ушбу тиркамада бўлган фуқаро 38 ёшли Ф.Ж., оғир тан жарохатилари билан Ромитан тумани марказий касалхонасига ётқизилган.
Ҳолат юзасидан Ромитан туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди (одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз! Йўл ҳаракати қоидалариниинг 159-бандига асосан одамларни ташиш қуйидаги ҳолларда тақиқланади:
автомобилнинг кабинасидан ташқарида (бортли юк ёки фургон-юкхонали автомобилларда одам ташишдан ташқари);
тракторлар ва бошқа ўзиюрар машиналар, юк ташиладиган тиркамалар, тиркама-уйча, юк мотоцикллари юкхонасида;
мотоциклларнинг конструкциясида кўзда тутилган жойларидан ташқарида;
12 ёшга тўлмаган болаларни мотоциклнинг орқа ўриндиғида, шунингдек енгил автомобилга болаларни ушлаб турувчи махсус қурилма ўрнатилмаган бўлса, унинг олдинги ўриндиғида;
12 ёшга тўлмаган болаларни ҳисобга олмаганда, одам сони транспорт воситасининг техник тавсифномасида кўзда тутилган миқдордан ортиқ бўлганда.
Бунда транспорт воситасининг ҳақиқий вазни уни ишлаб чиқарган корхона белгилаган рухсат этилган вазндан ошмаслиги керак.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти