Сафдор ходимнинг зийраклиги жиноятни иссиқ изидан очишга ёрдам берди
Жиззах вилояти. 2022 йилнинг 12 февраль куни Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармасининг сафдор ходими Бахром Рисбоев Шароф Рашидов тумани Зилол маҳалласида ҳудудидан ўтиб кетаётган вақтида ўзини шубҳали тутган ва қўлида темир сейфни олиб кетаётган фуқарони тўхтатиб, ундан ўзини таништиришини сўраганида, номаълум шахс қўлидаги сейфни ташлаб, номаълум томонга қочиб яширинган.
Сафдор Б.Рисбоев бу ҳақда Жиззах шаҳар ИИБ Навбатчилик қисмига зудлик билан хабар қилган ва унинг маълумотига асосан тергов-тезкор гуруҳи воқеа жойига чиқарилиб, олиб борилган тезкор чора-тадбирлар натижасида, мазкур жиноятни Жиззах шаҳар Зилол маҳалласида яшовчи 21 ёшли Н.С. содир этганлиги аниқланган.
Маълум бўлишича, Н.С. 11 февраль куни тунда Жиззах шаҳар Зилол маҳалласи Мустақиллик кўчасида жойлашган уйларнинг ертўласида «LION stale» эркаклар сартарошхонасида ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, сартарошхонанинг эшигини бузиш йўли билан очиб ғайриқонуний равишда кирган ва жавонда турган жами 700 минг сўм пуллар, 1 дона “Ipone 5” русумли телефон аппаратини ҳамда ичида 350 АҚШ доллари ва 1 млн. сўмдан ортиқ пуллари бўлган бир дона темир сейфни ўғирлаб, йўлда кетаётган вақтда сафдор Б.Рисбоев томонидан пайқаб қолиниши натижасида қўлидаги темир сейфни ташлаб қочган. Бироқ, тергов-тезкор гуруҳининг сай-ҳаракатлари натижасида Н.С.нинг шахси аниқланиб ушланган ва ёнида бўлган 1 дона “Ipone 5” русумли телефон аппарати ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиззах шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Н.С.,га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 169-моддаси 2-қисми “г” банди (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти