Самарқандда 71 ёшли отахоннинг автомашинасига йўловчи сифатида ўтирган аёл, транспорт воситасини олиб қочди
Самарқанд вилояти. 2023 йил 04 июль куни Жомбой туманида яшовчи 71 ёшли К.Р. туман ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, унда жорий йилнинг 04 июль куни соат 06:30 да ўзини бошқарувида бўлган “SPARK” русумли автомашинасида Жомбой туман марказида ҳаракатланаётган вақтида, йўл-йўлакай шу ерда бўлган аёлни автомашинасига йўловчи сифатида олиб, уни Жомбой тумани Зарафшон маҳалласида жойлашган ўрмон хўжалиги ҳудудига олиб боришига келишиб, сўнгра аёлни айтган манзилига олиб бораётиб, ҳожатга чиқиш мақсадида автомашинасини тўхтатиб, автомашинадан тушган вақтида, номаълум аёл унинг рухсатисиз унга тегишли автомашинанинг руль бошқарувига ўтириб, автомашинани номаълум томонга олиб қочганлигини баён этиб, унинг автомашинасини аниқлашда ва ушбу аёлга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Ушбу автомашинани қидириб топиш мақсадида, вилоят миқёсида «Тўсиб ушлаш» тадбири эълон қилиниб, барча ЙПХ масканларига, ЙҲХБ ходимларига бу ҳақда хабар берилган. Натижада жабрланувчига тегишли автомашина номаълум аёл томонидан Тайлоқ тумани Галаботир маҳалласи ҳудудида бошқариб бораётган вақтида тўхтатилиб, ундан ушбу автомашина тегишли тартибда расмийлаштириб олинган. Ушбу аёлнинг шахсига аниқлик киритганда, у Жомбой тумани Деҳқонобод маҳалласида яшовчи 21 ёшли Д.Н. эканлиги ва спиртли ичимликлар таъсирида бўлганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жомбой тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Д.Н.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, Д.Н. процессуал тартибда ушланган.
Ҳозирда жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилмоқда.
Тергов давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этганлик учун Жиноят кодексида 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо қўлланилиши белгиланган.
Муаллиф: Тергов департаменти ЎМИБ терговчиси
майор И. Тоиров
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти