Жиззах вилоятидаги карантин қоидаларини бузилиши билан боғлиқ ҳолат, жиноят иши қўзғатилган
Жиззах вилояти. 2020 йилнинг 07 апрель куни Шароф Рашидов туманида яшовчи 44 ёшли Жалолиддин А. Жиззах вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасида тузилган «Коронавирус» тезкор штабининг телефон рақамига қўнғироқ қилиб, мазкур штаб тезкор навбатчи ходимига Жиззах вилоятида прокуратура ходими ва унинг оила аъзолари «Коронавирус» инфекциясини юқтириб олганлиги ҳақида ёлғон маълумот бериб, уларни тиббий кўрикдан ўтказган «Доктор-А» хусусий шифохонасининг шифокори ҳозирги кунга қадар мазкур шифохонага бошқа касалликлар билан мурожаат қилган беморларни ҳам қабул қилиб, муолажа қилаётганлиги сабабли унга нисбатан тегишли чора кўриш кераклигини, акс ҳолда тегишли идораларга мурожаат қилишлигини маьлум қилиб, ушбу суҳбат жараёнини уяли телефон аппарати орқали ёзиб олган.
Бундан кифояланмай, Жалолиддин А., Жиззах вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик марказига қўнғироқ қилиб, марказнинг навбатчи шифокори ва навбатчи ҳамширасига ҳам худди шу каби маълумотни баён қилиб, шифокорга нисбатан чора кўриш лозимлигини, акс ҳолда улар билан бўлиб ўтаётган суҳбат жараёни ёзиб олинган аудиоёзувни интернет тармоғи орқали тарқатиб юборишини маълум қилиб, таҳдид қилган.
Шундан сўнг Жалолиддин А. карантин даврида, ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар ёзилган ушбу иккита аудиоёзувни «Telegram» ижтимоий тармоғи орқали тарқатиб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан Шароф Рашидов тумани ИИБ ҳузуридаги Тергоб бўлими томонидан Жалолиддин А., га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244-5-моддаси 2-қисми (Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Жалолиддин А. гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб ва ўрнатилган тартибда ушланган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.
Зомин тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги
ТБ катта терговчиси
майор Е.Б.Ералийев