Босқинчи озодликдан маҳрум этилди
Сурхондарёда босқинчилик жиноятини содир этган шахсга нисбатан суд томонидан 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Терговда аниқланишича, 2019 йилнинг 22 декабрь куни тахминан соат 23:30 ларда 23 ёшли Тўлқин Р., юзига тиббиёт ниқоби ва қўлларига қўлқоб тақиб, пичоқ билан қуролланган ҳолда Шеробод тумани Буюк ипак йўли кўчасидаги хусусий корхона ҳудудига темир панжарадан ошиб тушиш йўли билан ғайриқонуний равишда кириб, корхона қоровулига пичоқ билан ҳужум қилиб, тан жароҳат етказиш билан қўрқитиб, электр кабелни кесиб олиб, шу кабел ёрдамида қоравулнинг қўл ва оёқларини, сўнг ўзини кроватга боғлаб, 1-дўконнинг кузатув камерасига шикаст етказиб, ғайриқонуний равишда дўконга кириб, темир сейфни очиб, 7.000.000 сўм пуллар ва “Samsung galaxy J3” русумли уяли алоқа воситасини қўлга киритган. Бундан ташқари, Тўлқин Р. 11-дўкон ойнасини синдириб, шкафдаги 8.500.000 сўм пулларни қўлга киритиб, ҳодиса жойидан яширинган.
Дастлабки тергов жараёнида Тўлқин Р., дан жиноий йўл билан қўлга киритилган “Samsung galaxy J3” телефон аппарати ва 9.284.000 сўм миқдоридаги пуллар ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми “в” банди (уй-жойга ёки бошқа бинога ғайриқонуний равишда кирган ҳолда содир этилган босқинчилик) билан айблов эълон қилинган ва “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Жиноят иши айблов хулосаси билан тегишли судловга юборилган.
2020 йилнинг 14 май кундаги жиноят ишлари бўйича Шеробод тумани судининг ҳукмига кўра Тўлқин Р., юқоридаги жиноятни содир этганликда айбли деб топилган ва унга нисбатан 4 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти