Сурхондарёда автомашинанинг аввалги эгаси жиноий гуруҳ бўлиб транспорт воситасини олиб қочди
Сурхондарё вилояти. 2022 йил 25 ноябрь куни Бойсун тумани “Ширинобод” маҳалласида яшовчи 44 ёшли М.К. Бойсун тумани ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, унда жорий йилнинг 24 ноябрь кунидан 25 ноябрь кунига ўтар кечаси яшаш уйи дарвозаси олдида ўзига тегишли “ВАЗ 2107” русумли автомашинасини номаълум шахс олиб қочиб кетганлигини маълум қилиб, ушбу автомашинасини топиб беришда амалий ёрдам беришликни ҳамда номаълум шахсга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Олиб борилган тезкор-қидирув ишлари натижасида жабрланувчига тегишли бўлган автомашина 27 ёшли О.Б., 18 ёшли Т.Д., 18 ёшли П.М. ва вояга етмаган 17 ёшли Х.С.лар томонидан олиб қочиб кетилганлиги аниқланган.
Дастлабки тергов жараёнида аниқланишича, олиб қочилган автомобиль муқаддам О.Б.га тегишли бўлганлиги, бироқ у кейинчалик автомашинани бошқа бир шахсларга сотиб юборилганлиги аниқланган.
Жабрланувчи томонидан автомашина йўқолганлиги тўғрисидаги ҳуқуқни мухофаза қилувчи органларга берган хабаридан сўнг жиноятчилар томонидан автомашина яширилган ҳудуди ўзгартирилганлиги аниқланган, бироқ ИИО ходимларининг ҳамкорликдаги олиб борилган тезкор ишлари натижасида “ВАЗ 2107” русумли автомашина топилган ва тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бойсун туман ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан юқоридаги шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 267-моддаси 2-қисми “Б” банди ( Транспорт воситасини бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилиб, юқоридаги шахслар нима сабабдан ушбу жиноятга қўл урганлиги аниқланмоқда.
Муаллиф: Тергов департаменти УМИБ терговчиси
подполковник С.С. Ширбачеев
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти