Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи фуқаронинг уйидан икки қоп каннабис топилди

Тошкент вилояти. 2021 йилнинг 06 март куни ИИБ ходимлари томонидан ўтказилаётган “Зарбдор ойлиги” профилактик тадбири давомида, Чиноз тумани Каналобод МФЙ.,да яшовчи 48 ёшли Алишер У.,нинг яшаш хонадони ҳовлисида жойлашган товуқхонада 2 та қопларга солинган кўк рангли ўткир ҳидли ўсимлик сақлаб келинаётганлиги аниқланиб, холислар иштирокида тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.

Суд кимёвий экспертиза хулосасида, ушбу модда “каннабис” ўсимлиги эканлиги, вазни 3012 граммни ташкил қилиши кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Чиноз тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Алишер У.,га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисми “а” банди (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) билан жиноят иши қўзғатилган ва у гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Таъкидлаш жоизки, бу турдаги жиноятлар учун Жиноят кодексининг нормаларига кўра, 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.

 

 Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Text to speech