Андижондан олиб қочилган автомашина қўшни вилоятдан “эҳтиёт қисмларга ажратилган” ҳолатда топилди
Андижон вилояти. 2021 йилнинг 04 апрель куни соат 07:30 да Балиқчи туман ИИБга фуқаро 27 ёшли Сарварбек Р., мурожаат қилиб, ўзига тегишли “Spark” русумли автомашинасини 2021 йил 03 апрель куни соат 22:30 ларда яшаш уйи олдида эшиклари қулфланмаган ҳолда қаровсиз қолдириб, яшаш хонадонига кириб кетиб, 04 апрель куни соат 05:50 ларда автомашинасидан хабар олиш учун қараган вақтида, автомашинаси қўйилган жойида йўқлигини билдирган.
Олиб борилган тезкор-қидирув ҳаракатлари давомида, ушбу автомашинага ўрнатилган “GPS” қурилмаси сигнали автомашина Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани ҳудудида ҳаракатланаётганлигини кўрсатиб, унга асосан вилоят ҳудудида тўсиб ушлаш тадбири эълон қилинган ва Наманган вилояти Давлатобод туманида яшовчи 29 ёшли Акбар Қ.,нинг яшаш хонадонидан Сарварбек Р.,га тегишли автомашинанинг давлат рақам белгиси ечилиб, эҳтиёт қисмларга ажратилган ҳолатда топилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Андижон вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Акбар Қ.,га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси 2-қисми “г” банди (Транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибда ушланган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти